ОҚ БОШ КАРАМ ЕТИШТИРИШ

Аҳамияти.

Оқбош карам йил давомида янгилигича ва қайта ишлаб истеъмол қилинади. У парҳез ҳамда даволаш хусусиятига эга. Уни юраги касаллар, семиз одамлар, касалга дучор бўлганлар истеъмол қиладилар. Шарбати ошқозон яллиғланишини даволашда қўлланади.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар ва Кўчат танлаш.

Эрта баҳор ва ёзги муддатларда экиладиган оқ бош карам кўчатлари 30–40 кунлик, барглари тўқ яшил, илдизлари бақувват ривожланган ва соғлом бўлиши лозим. Далага экиш пайтида кўчатларда 6–7 та чинбарг бўлиши керак.

Ер майдони ўтмишдош экинлар қолдиқлари ва бегона ўтлардан яхшилаб тозаланади. 1 сотих ерга 200–250 кг (10 сотихга 2–2,5 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 25–30 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади, яхшилаб текисланади, суғориш эгатлари олинади. Эртаки карам учун ер кузда экишга тайёрлаб қўйилади.

Экиш муддати ва схемаси.

Карамни 3 хил муддатда экиб, парваришлаш мумкин. Эртаки карам кўчатини Республикамизнинг жанубий вилоятларида 10–12 феврал, ўрта муддатларда 10–12 май, кечки муддатларда 1–15 август; марказий минтақада жойлашган ҳамда водий вилоятларида эртапишар навларнинг кўчатини 25 феврал – 10 март, ўртапишар навларни 15 апрел – 1 май, кечпишар навларни 15 июн – 10 июл; шимолий ҳудудларда эртапишар навларнинг кўчатини 15–30 март, ўртапишар навларни 1–15 апрел, кечпишар навларни – 25 май – 5 июн ойларида экиш мақбул ҳисобланади.

 
Қатор оралари 70 см, ўсимликлар ораси 30 см қилиб экилади. Бунда 1 сотих майдонга 476 (10 сотихга 4760) туп ўсимлик жойлашади.

Парваришлаш.

Кўчат экиб бўлгандан кейин майдон кетма-кет суғорилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатларнинг оралари, кўчатларнинг атрофи юмшатилади ва биринчи ўғит берилади. Иккинчи чопиқ экин суғорилгандан сўнг ўтказилади. Оқ бош карам икки марта чопиқ қилинади. Карамни озиқлантириш учун 1 сотих майдонга 2 кг азот, 1,5 кг фосфор ва 0,7 кг калий солинади. Бўз тупроқли ерларда эртаги карамни 8–10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6–8 марта суғориш тавсия этилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш.

Карам бити, карам куяси, карам оқ капалаги қуртларига қарши биологик усулда олтинкўз, хонқизи қўнғизлари қўлланилади. Барг кемирувчи қуртларга қарши трихограммма тухумхўри ва бракон энтомофаглари ишлатилади. Кимёвий усулда 10 литр сувга Циперметрин 25% эм.к. (16 мл/га), Долприд 200 г/л с.э.к. (10 мл/га) препаратларининг биронтасидан фойдаланилади. 10 сотихга 60–70 литр сувда тайёрланган аралашма ишлатилади.

Ҳосилни йиғиштириш.

Аҳоли томорқаларида экилган оқбош карам оддий узун пичоқ ёрдамида 2–3 дона барги билан қирқиб олинади. Хосил аввал саралаб, кейин ёппасига териб олинади. Эртаги карам сақлашга мойил эмас,  шунинг  учун  уни  дарҳол  истеъмолга  чиқариш  зарур.  Вақтида йиғилмаган карамларнинг бошлари ёрилиб кетади. 

Иқтисодий самараси.

10 сотих майдонга 4760 дона кўчат учун 476 минг сўм сарфланади. Умумий харажатлар 871350 сўмни ташкил этади. Хосил нархи энг паст нархда бир килограми 500 сўмдан сотилганда 3 млн. 225 минг сўм бўлади. Шунда 10 сотих майдондан 2 млн. 354 минг сўм соф фойда олиш мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар

Қуйидагиларни ўқиб кўринг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *