Пиёз етиштиришга оид барча маълумотлар

Аҳамияти

Пиёз  иштаҳани  очувчи,  овқат  ҳазм  қилувчи  суюқлик ажралиб  чиқиши  ва  қон  айланишини  яхшиловчи,  маза  берувчи  сабзавот ҳисобланади. У шакар, оқсил, бириктирувчи тўқима, минерал моддалар, эфир ёғлари ҳамда кўп миқдордаги (С, В1 , В 2 , РР) дармондориларга эга.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар.

Пиёзни  маҳаллий  шароитда яратилган эртапишар Сумбула, Оқ дур, ўртапишар Истиқбол, Зафар навлари тавсия этилади.

Уруғ танлаш.

Экиладиган уруғ тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун ва тўла бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғларидан ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш.

Пиёз  экиладиган  майдонлар  ўтмишдош  экин қолдиқлари  ва  бегона  ўтлардан  яхшилаб  тозаланади.  Тупроқ  20–25  см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдалангач, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати.

Пиёз  уч  муддатда  –  эрта  баҳорги,  ёзги-кузги  ва тўқсонбости  қилиб  экилади.  Баҳорги  муддатда  пиёз  уруғи  жанубий вилоятларда  5–25  январ,  марказий  минтақада  жойлашган  вилоятларда  20 феврал–10  март,  шимолий  минтақаларда  5–25  март,  тўқсонбости  муддатда марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15 ноябр–15 декабр ва шимолий минтақаларда  1  ноябр–1  декабрда,  ёзги-кузги  муддатда  шимолий минтақаларда  15  август–1  сентябр,  бошқа  вилоятларда  15  август–10 сентябрда экилади. Пиёз уруғи 10 сотих майдонга баҳорги муддатда 1,2–1,5 кг,  ёзги-кузги  ва  тўқсонбости  муддатда  2  кг  гача  сарфланади.  Ернинг нишабига  қараб  қатор  оралари  70–90  см  ли  пушталарга  уч-тўрт  қатор лентасимон  усулда  экилади.  Уруғлар  тупроққа  1,5–2  см  чуқурликда кўмилади.  Уруғлар  сепилгандан  кейин  хаскаш  билан  тупроқ  усти аралаштирилади.

Парваришлаш. 

Пиёзни  баҳорда  экиш  учун  жўяклар  кузда  олиб қўйилади. Ёзги-кузги ва тўқсонбости муддатларда пиёз ўртаги, ёзги сабзавот, картошка  ҳамда  ғалладан  кейин  экилади.  Пиёз  икки-уч  марта  –  дастлаб ўсимликларнинг  бўйи  6–8  см  га  етганда,  иккинчи  марта  боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатилиб бегона ўтлар йўқотилади. Ўғитлаш.  Пиёз  попук  илдизли  сабзавот  бўлиб,  илдиз  тизими  асосан тупроқнинг  устки  қисмига  яқин  жойлашган.  Шунинг  учун  у  ернинг  устки қисмида  асосий  озиқа  элементларни  кўп  бўлишини  талаб  қилади.  Бўз тупроқларда  ҳар  10  сотихга  ўртача  30  кг  азот,  22  кг  фосфор  ва  9  кг  калий бериш  керак.  Ўтлоқи,  ўтлоқи-ботқоқ  тупроқларда  эса  25  кг  азот,  20  кг фосфор  ва  8  кг  калий  беришни  тақозо  этади.  Кам  шўрланган,  тупроқ бонитети паст бўлган ўтлоқи тақир, тақир тупроқларда пиёз етиштирилганда 32 кг азот, 22 кг фосфор ва 10 кг калий бериш керак.

Суғориш.

Ниҳоллар  униб  чиқаётган  ва  пиёз  боши  шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби айниқса ошади. Фақат ўсув даврининг охирида ва пиёз бошлари етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди.  Сизот  суви  чуқур  жойлашган  бўз  тупроқли  ерларда  бахорнинг охири ёзнинг бошларида пиёз ҳар 7–10 кунда суғорилади. Пиёзбоши тўлиқ шакиллангандан  кейин  экин  12–14  кун  оралатиб  икки  марта  суғорилади  ва йиғиб-териб олишга бир ой қолганда суғориш тўхтатилади. Сизот суви яқин бўлган жойларда пиёзни ўсув даврида 7–9 марта суғориш лозим.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш.

Пиёз  пашшаси, тамаки трипси, кузги тунлам ва бошқа зараркунандаларга қарши курашда 10 сотихга  препаратлардан  Каратэ  5%  эм.к.  (30–40  мл),  Моспилан  25%  н.кук. (25–30  мл),  касалликлардан  сохта  ун  шудринг,  илдиз  чириш,  мозаика, сарғайиш,  бўғин  чириш  касалликларига  қарши  1  фоизли  Бордо  суюқлиги (мис сульфати бўйича 6–8 кг/га) билан ишлов берилади, 10–15 кунда қайта ишлов берилади. Топаз 10% эм.к. (12,5–15 мл) ёки Курзат Р н.кук. (200–250 г) препаратларини 60 литр сувда аралаштириб пуркаш тавсия қилинади. Ҳосилни  йиғиштириш.  Пиёз  поялари  ётиб  қолганда  пиёз  бошлари етилган деб ҳисобланади. Пиёз бошлари ковлаб ёки пояси билан бирга йиғиб олинади.

Иқтисодий самараси.

10 сотих майдонга 1,4 кг пиёз уруғига 180 минг сўм сарфланади. Умумий харажатлар  1684600 сўмни ташкил этади. Хосил нархи бир килограми энг паст нархда 800 сўмдан сотилганда 4 млн. 400 минг сўм  бўлади.    Шунда  10  сотих  майдондан  2  млн.  715  минг  сўм  соф  фойда олиш мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *