Бақлажон етиштириш

етиштириш

Аҳамияти.

Бақлажон меваси консерва саноати ва ошпазликда қўлланади. Овқат учун уруғи ҳали тўла шаклланиб улгурмаган ҳамда қотмаган 25-40 кунлик меваси ишлатилади. Унинг таркибида фосфор, калций, магний, марганец, темир, аллюминий, олтингугурт, кремний, хлор, С (1-10 мг%), РР ҳамда В гуруҳига кирувчи дармондорилар мавжуд.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар.

Бақлажонни Аврора, Ереванский, Фабина F 1 , Замин F 1 , Феруз каби нав намуналари экилади.

Кўчат танлаш.

Бақлажон кўпроқ кўчатидан экилади Кўчатлари 40–45 кунлик, 6–7 чинбаргли, пояси ва илдизлари яхши ривожланган, соғлом бўлиши лозим. Уруғи секин униб чиқади, шунинг учун уруғларини экишдан олдин ўстирувчи моддалардан бирига ивитиб экилса тез униб чиқади. Уруғларни вирус касалликларига қарши 48 соат давомида 50–52 о С ва 24 соат 80 о С қиздирилса, кейин 3 минут 5 фоизли шўр сувда ивитилса яхши натижа беради.

Ер тайёрлаш.

Бақлажон экиладиган майдон ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотихга 150–200 кг (10 сотихга 1,5–2 т) чириган гўнг солиниб тавсия этилган минерал ўғитлар солиниб ер 25–30 см чуқурликда юмшатилади. Даладаги йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва қатор оралари 70 ва 90 см ли суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати.

Бақлажон кўчатларини жанубий вилоятларда мартнинг III ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган вилоятларда
апрельнинг II–III ўн кунлигида ва шимолий минтақаларда апрельнинг III ва майнинг I ўн кунлигида экиш тавсия этилади. Экиш схемаси қаторлаб яъни қаторлар ораси 70 ва 90 см ли кўчатлар ораси 30 ва 40 см ли схемада экилади. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 357-476 та кўчат сарфланади.

Парваришлаш.

Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилганидан 10–12 кундан кейин бошланади. Бунда пушта ва
қатордаги кўчатлар орасининг енгил чопиқ қилинади. Сўнгра 12–15 кун ўтгач, яна бир бора чопиқ қилиниб суғорилади ва озиқлантирилади. Бақлажонни ўсув даврида 2-3 марта қўлда чопиқ қилинади. Ўсимлик сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида 10-12 марта суғорилади сизот суви яқин жойларда 8-9 марта суғорилади. Хар гал 1 сотихга 5–6 м 3 ҳисобидан сув сарфланади.

Ўғитлаш.

Бақлажонни озиқ моддаларга талаби юқори. 1 сотих майдонга соф ҳолда 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий
хлор ўғитлари берилади. 1 кг аммофос ва 0,75 кг калий хлор ўғити шудгорлашдан олдин 200 кг чириган гўнг билан бирга солинади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш.

Бақлажонни колорадо қўнғизи, ўргимчаккана ва оққанот жиддий зарарлайди. Колорадо қўнғизига қарши курашда 10 сотих майдонга препаратлардан Атилла супер 10 эм.к. (40 мл) ёки Каратэ 5% к.э. (10 мл) препаратларини қўллаш мумкин. Ўргимчакканага қарши к.э. (150 мл), Омайт 57% эм.к. (150 мл) ёки Ниссорон 5% эм.к. (30 мл), оққанотга Моспилан 20% н.кук. (25 мл) препаратларини 60 литр сувда яхшилаб аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.

Ҳосилни йиғиштириш.

Бақлажон техник жиҳатдан етилганда меваси йириклашади, пўсти тўқ бинафша ранга кириб, усти ялтираб туради. Айни
шу вақтда меванинг эти нозик, тахирсиз ва уруғи қотмаган бўлади. Бақлажон ҳосили 6-7 кун оралатиб банди билан узиб олинади. Совуқ тушиши олдидан ҳосилнинг ҳаммаси, жумладан, тузлашга кетадиган майда, пишиб етилмаганлари ҳам йиғиб олинади. Пишиб кетган бақлажоннинг ранги ўзгара бошлайди, бу меваларни истемол қилишни тавсия этилмайди. Хосил ўсув даври давомида 8-10 марта териб олинади.

Иқтисодий самараси.

10 сотих майдонга 4760 дона кўчат учун 714 минг сўм сарфланади. Умумий харажатлар 1775500 сўмни ташкил этади. Хосил нархи энг паст нархда бир килограми 1500 сўмдан сотилганда 4 млн. 50 минг сўм бўлади. Шунда 10 сотих майдондан 2 млн. 274 минг сўм соф фойда олиш мумкин.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *