Иссиқхонада помидор етиштириш

Иссиқхонада помидор етиштириш: экиш усуллари ва боғлаш.
Экиш усуллари. Қишки иссиқхоналарда помидорларни алмашлаб экишнинг барча турларида ўстириш мумкин. Кузги-қишки алмашлаб экишда уларнинг 25-30 кунлик, ўтувчи даврнинг сентябрь ойида 30-40 кунлик ва октябрда эса 40-45 кунлик кўчатларидан фойдаланилади.

Алмашлаб экишнинг кузги-қишки ва ўтувчи даврларида кўчатлар иссиқхонанинг ўзида ўстирилади. Бу билан улар касаллик тарқатувчилардан ҳимояланади. Мазкур алмашлаб экишларда кўчатларни 8х8х8 ва 10х10х10 см ўлчамлардаги идишларда ёки тувакчаларда етиштириш мақсадга мувофиқдир.

Қишки-баҳорги алмашлаб экишда плёнкали иссиқхоналарда ўстирилган кўчатларнинг 45-50 кунлиги, ойнали иссиқхоналарда ўстирилганларнинг эса 60-65 кунлик кўчатлари экилади.

Баҳорги иситилмайдиган плёнкали иссиқхоналар учун кўчатлар қишки иссиқхоналарда тайёрланади. Уларнинг уруғлари январнинг бошларида экилади. Кўчатлар, ўлчамлари 10х10х10 см ли идишлардаги гўнгли чириндили тупроқда 60 кун давомида етиштирилади. Алмашлаб экишнинг барча турларида ўсимликлар лентали қўшқатор усулида, лентадаги қаторлар (жўяклар) оралиғи 60 см, ленталар оралиғи эса 100 см ли ўлчамларда жойлаштирилади (1-расм). Қатордаги ўсимликлар орасидаги масофа эса алмашлаб экиш турига ҳамда экиш зичлигига боғлиқдир.

Боғлаш ва уни шакллантириш. Кўчат экилиб, тупроққа яхши ўрнашгандан (10-12 кундан) кейин у тик шпалерларга (каноп иплар – қаторлар устидан 2 м баландликдаги симга тортиб қўйилган) боғлаб қўйилади. Бунда ўсимлик пояси шкастланмаслиги лозим. Шунинг учун каноп ип симга қаттиқ тугун эмас, балки силжувчан боғлам кўринишида боғланади. Ўсимлик пояси шаклланиб, ўса бошлагач, унинг юқори қисми ҳар ҳафтада каноп ипга ўраб қўйилади. Ўсимлик бачкилари эса уларнинг узунлиги 5-7 см дан ортмасдан олиб ташланади.

Ўсимлик шпалерлар симига етгач, у шпалер бўйламаси бўйича ўстирилади. Бунда улар ип билан боғланади ёки илгакларга илинади. Бошқача усулда эса ўсимлик симли тутқичга етиб боргач, унинг юқори қисми қуйи томон йўналтирилади. Сўнг кўтарилиб, симли шпалерга S шаклидаги илгаклар ёрдамида илиб қўйилади. Узоқ давом этадиган экинларда ва паст шпалерларда эса “ётиқ” деб номланувчи усул қўлланилади. Мазкур усулда, поянинг ўсишига мос равишда, унинг баргсиз қуйи қисми махсус тўр ёки рейкадан тайёрланган ўриндиқларга жойлаштирилади.

Қуйидагиларни ўқиб кўринг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *