Олма дарахтларини парваришлаш – Bizness.uz

Олма дарахтларини парваришлаш

Олманинг аҳамияти.

Олма мевалар ичида етакчи ўрин эгаллайди. Олмани аҳоли йил давомида севиб истеъмол қилади. Озик.-овқат саноатида олмадан ширинликлар, ҳар хил печеньелар тайёрлашда ишлатилади. Пишиб етилган мевасидан қоқи, сироп тайёрланади, кўчат етиштириш учун уруғ тайёрланади. Олма дарахтлари Республикамизнинг барча вилоятларида ҳам яхши ўсади ва мўл ҳосил бериш хусусиятига эга. Маданий олманинг эртаги, ўртаги ва кеч пишадиган навлари кенu тарқалган. Улар ҳар хил об-ҳаво ва тупроқ шароитига ҳам мослашиб ўсади ва узоқ йиллар ҳосил беради ва яшайди.

Экиш учун тавсия этиладиган олма навлари:

Старкримсон, Ренет Симиренко, Голден Делишес, Розмарин, Джонатан, Тошкент Боровинкаси,Фуджи, Гала, Гренни Смит, Салтанат, Пинк Леди ва ҳ.к.

Кўчатларни танлаб олиш.

Экиладиган кўчатлар саралаб танлаб олинади. Сифатли кўчатлар бўйи 1 метрдан кам бўлмаган 2-3 асосий шохга эга танасининг диаметри 1,5-2 см бўлган яхши илдизланган кўчатлар экишга тавсия этилади

Кўчат экиш учун ерни тайёрлаш.

Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрига 6–10 кг гўнг (чиринди), 200– 250 г фосфор, 100–120 г калий ва 150–200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25–30 см) ҳайдалади. Кўчатларни экиш муддати ва экиш схемаси. Олма кўчатлари пайвандтагларига қараб экиш схемалари турлича бўлади: кучли ўсувчи пайвандтагда – 6×5 м (суғориладиган бўз тупроқларда) ва 5×5 м (шағалли-64 қумли тупроқларда), ўрта бўйли пайвандтагда 5×4 м, паст бўйли пайвандтагда – 3×2,5 м (3 м –қаторлари орасидаги масофа, 2,5 м – кўчатлар орасидаги масофа).

Олма кўчатларини экиш муддати кузда ноябрь ойида, эрта баҳорда эса февралнинг охири–март ойининг бошларига тўғри келади. Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмининг 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига, қолган қисми иккинчи томонига олиб қўйилади. Ўрага 350–400 г фосфор, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади. Кўчатни экишдан олдиндан тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилади) илдиз қисмини ботириб олиш лозим. Кўчат ўрага тик ҳолда қўйилиб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатни пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида қолиши керак.

Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Шунда тупроқ зичланиб, ниҳол яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб, тўлдирилади. Кўчатлар тупроқнинг намлигига қараб вақти- вақти билан суғориб турилади. Томорқа майдони 3 сотих бўлса, ушбу майдоннинг қуёш тушадиган шарқдан жанубга қараган томонга олманинг ўрта бўйли эртаки, ўртаки ва кечки навларидан 2–3 тупдан экиш тавсия қилинади. Томорқа майдони 6 сотих бўлса, ярмига сабзавот, қолган қисмига эса мевали дарахтлар, 10 сотих бўлганда сабзавот учун майдон қолдириб, қолган каттароқ қисмига мевали кўчатларни жойлаштириш мумкин.

Парваришлаш.

Дарахтларга баҳорда ярусли (қаватли) қилиб шакл берилади. Бунда дарахтнинг биринчи қаватида 3–4 дона асосий шох қолдирилади, қолганлари қирқиб ташланади. Иккинчи қават шохлари асосий шохлардан 30–40 см, биринчи қават шохларидан 25–30 см масофада қолдирилади. Учинчи қават шохлари ҳам шу зайлда шакллантирилади. Шакл беришда шох-шаббаларнинг бир-бирига соя беришини олди олиниб, бир маромда сийраклаштирилади. Дарахт ҳосил қилмайдиган йилида буташ тизими қуйидагича амалга оширилади: шу йили ўсиб чиққан новдалар кучлироқ калталаштирилади, ҳалқасимон мева шохлари сийраклаштирилади, мураккаб ҳалқасимон шохлар калталаштирилади. Дарахтлар ҳосил берган йили новдалар 35–40 см ўсган эски шохларига тақаб қирқилади. Бир йиллик новдаларни қисқартириш ҳосил куртакларини кўпайишига олиб келади. Томорқадаги олма дарахтларига 300–350 г азотли, 250–300 г фосфорли ва 200–250 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади. Бўз тупроқларда олма дарахтлари ўсув даври мобайнида 4–6 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш.

Олма дарахтига зараркунандалардан олма қурти (мевахўр), мева канаси, бинафша ранг қалқондор, касалликлардан ун шудринг, калмараз (парша), монилиоз зарар келтиради. Бинафша ранг қалқондорга қарши эрта баҳорда куртаклар ёзилгунга қадар Каратэ 5% эм.к. пуркалади. Бундан ташқари, Перфекто 17,5% сус.к., Багира 20% эм.к. (10 сотих майдонга 15–20 мл) препаратлари билан ишлов берилади. Олма қуртига қарши Перфекто 17,5 % сус.к. (10 сотихга 15–20 мл) Каратэ 5 % эм.к. (100 л сувга 30–40 г) қўлланилганда яхши самара беради. Мева канасига қарши Перфекто 17,5 % сус.к. (10 сотихга 20–30 мл) пуркалади. Олманинг калмараз (парша), монилиоз касалликларига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (100 л сувга 3 кг мис купороси ва 3 кг сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Касалликларга қарши тадбирлар дори воситалари куртаклар ёзилгунига қадар ўтказилади.

Ҳосилни йиғиштириш.

Олмани пишиш муддати май ойининг охиридан бошланиб, октябрь ойининг бошларигача давом этади. Одатда, эртаки олмалар қисқа муддат сақланади, улар бир терим билан йиғиштириб олинади. Ўртаки ва кечки навларда бир неча марта терим ўтказилади. Ҳар бир олма нави ўзини пишиш даврида нав хусусиятларига хос рангга ва тусга киради. Буни ҳосилни теришда инобатга олиш керак. Ҳосилни йиғиштиришда мевани бир қўл билан оҳиста ушлаб, бош ва кўрсаткич бармоқ билан мева бандига зарар етказмасдан узиб олинади. Терилган мевалар яшикларга жойлаштирилади. Яшиклар омборда сақлашга қўйилиши мумкин.

Иқтисодий самарадорлиги:

Олма дарахти 10 сотих томорқага 5х5 м схемада экиладиган бўлса 40 дона кўчат кетади. 40 дона кўчатимиз 3-4 йилдан сўнг ҳосилга кириб, 1 дона дарахтимиздан ўртача навига қараб 25 кг ҳосил олинадиган бўлса жами 1000 кг ҳосил олишимиз мумкин. 1000 кг олмамизни ўртача 8000 сўмдан сотадиган бўлсак 8000000 сўм даромад
келтиради.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *