Қовоқ (кади) етиштириш – Bizness.uz

Қовоқ (кади) етиштириш

Қовоқ (кади) етиштириш

Аҳамияти.

Қовоқ меваси эти таркибида осон ҳазм бўладиган қанд
мавжуд бўлиб, у буйрак, жигар ва юрак-томир касалликларини даволашда ишлатилади. Қовоқнинг эти яллиғланишга қарши, уруғ қайнатмаси гижжани ҳайдаб чиқарувчи восита сифатида ишлатилади. Қовоқ уруғининг таркибида кўп миқдорда яъни– 50% гача мой сақланади, поя ва меваси ем-хашак сифатида чорва молларига берилади.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар.

Қовоқни Испанская–73, Кашгарская–1644, Палов каду–268, Кичкинтой навлари экилади.

Уруғ танлаш.

Қовоқ уруғларини экиш учун сараланган, юқори унувчан, касаллик юқмаган, бутун ва тўла бўлганлари ажратиб олинади. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш.

Қовоқ экиладиган майдон кузда ўсимлик қолдиқларидан тозаланади ва минерал хамда махаллий ўғитлар ерга солиниб, ер 35–40 см чуқурликкача шудгор қилинади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун ерга узун тишли хаскаш ёрдамида ишлов берилади. Экинни экиш учун эгатлар олинади.

Экиш муддати ва схемаси.

Қовоқ уруғининг униб чиқиши экиш муддатини тўғри белгилашга боғлиқдир. Жанубий вилоятларда 15 апрелгача, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 20 апрелгача, шимолий минтақаларда 30 апрелгача экилади. Уруғни экиш учун тупроқ ҳарорати 14– 15 °С бўлиши зарур. Қовоқ қўш қатор лентасимон экиш усулида яъни қаторлар ораси 70-90 см, пушталар ораси 360 см ва ўсимликлар ораси 60-70 см қилиб экилади. Уруғлар қўлда 3–6 см чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих ерга 60–70 г уруғ сарфланади.

Парваришлаш.

Ўсимликларни парваришлаш яганалаш, тупроқни
юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғирлаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади. Яганалаш икки босқичда – биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда, иккинчиси гуллашдан аввал ўтказилади. Ниҳоллар тўлиқ униб чиққач 20–25 кун ўтгач, 2–3 чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин дастлабки сув берилиб,
озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25–30 кундан кейин ўтказилади. Ўсув даврида қатор оралари 4–5 марта чопиқ қилинади. Қовоқнинг ўсув даври мобайнида 5-6 марта суғорилади, 1 сотих майдонга 4– 5 м 3 /га меъёрда сув сарфланади.

Ўғитлаш.

Қовоқни етиштиришда 10 сотих майдонга 11 кг аммиакли селитра, 13 кг аммофос ва 5,5 кг калий хлор ўғити хамда 2,5–3 тонна органик ўғитлардан солинади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш.

Қовоқни касалликлари илдиз чириш, фузариоз сўлиш, ун шудринг. Зараркунандалари полиз бити (шираси), ўргимчаккана, оққанот. Зараркунандаларга 10 сотихга – Моспилан 20% н.кук. (25–30 г) сепиш, касалликларга эса – Проксанил 45 % сус.к.(150 мл), Курзат Р н.кук. (200–250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. Кимёвий препаратлар 60–70 литр сувга тайёрланиб аралашма пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш.

Қовоқ мевалари кеч кузда бир марта йиғиштириб олинади. Навларга хос рангга кириши ва шаклидан ажратиб олинади.

Иқтисодий самараси.

10 сотих майдонга 600 г уруғ учун 80 минг сўм сарфланади. Умумий харажатлар 985000 сўмни ташкил этади. Хосил нархи бир килограми энг паст нархда 1000 сўмдан сотилганда 3 млн. сўм бўлади. Шунда 10 сотих майдондан 2 млн. 15 минг сўм соф фойда олиш мумкин.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *