Қовун етиштириш. Уруғ танлаш ва экиш – Bizness.uz

Қовун етиштириш. Уруғ танлаш ва экиш

Қовун етиштириш. Уруғ танлаш ва экиш

Аҳамияти.

Қовун меваси, одатда, полиз экинлари ичида энг кўп
миқдорда қанд моддасини сақлайди, , асосан сахароза ҳолида учрайди .
Қовун мевасидан асал (шинни), қовун қоқи тайёрланади. Қовун уруғнинг
таркибида кўп миқдорда 25-30% гача мой сақланади. Қовун мевасидан сил ва
бронхит, камқонлик ва бодни, юрак, нерв, атеросклероз ва жигар
касалликларини даволашда фойдали.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар.

Қовунни эртапишар – Роҳат, ўртапишар – Суюнчи–2, Олтин водий, Лаззатли, Олтинтепа, Оби новвот, Гурвак, Бўрикалла, кечпишар – Тўёна, Гурлан, Амударё, Гулоби Хоразмий, Зар гулоби, Саховат, Умрбоқий, Бешак каби навлари экилади.

Уруғ танлаш.

Қовун уруғи навига хос рангли, юқори унувчан, касалликлардан холи, ўртача катталикда, бутун ва тўла бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлар экиш учун 12-18 соат давомида оддий сув ёки ўстирувчи моддалар билан ивитиб қўйилса унувчанлиги юқори бўлади.

Ер тайёрлаш.

Ерни шудгорлашдан олдидан минерал ва органик ўғитлар солинади. Ер кузда 35 см чуқурликкача шудгор қилинади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун ерга узун тишли хаскаш ёрдамида ишлов берилади. Қовун эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта шудгорлашнинг ҳожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта шудгорлаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда юмшатиб чиқиш тавсия этилади.

Экиш муддати ва схемаси.

Марказий минтақада жойлашган вилоятларда қовуннинг эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача; жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10–20 апрелда, кечкилари эса 10–20 июнда экилади. Шимолий минтақаларда эртаги қовунни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20–30 майда тупроқ ҳарорати 14–15 °С га етганда экиш тавсия этилади. Қовун қўш қатор лентасимон экиш усулида экилади. Бунда қаторлар ораси 70 ёки 90 см ленталар яъни пушталар ораси 210–280 см хамда ўсимликлар ораси 50-60 см қилиб экилади. Уруғлар қўлда 3–6 см чуқурликка экилади. Майда уруғли қовун экиш учун 1 сотихга 40 г, йирик уруғлиларини экиш учун 50 г уруғ сарфланади.

Парваришлаш.

Қовун уруғи суғорилган нам тупроққа экилса ниҳоллар униб чиқиши тезлашади ва суғориш талаб этилмайди. Қовунни асосий парваришлаш ишлари ўсимликни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади. Яганалаш икки босқичда яъни биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда, иккинчиси гуллашдан олдин ўтказилади. Ниҳоллар ялпи униб чиқиши билан экин қатор ораларини енгил чопиқ қилинади. Сўнг орадан 20–25 кун ўтгач, иккита-учта чинбарг пайдо бўлганидан кейин чопиқ қилиниб, дастлабки озиқлантириш ва сув берилади. Ўсув даврида қатор оралари 3–4 марта чопиқ қилиниб 1-2 марта палаклар тўғриланади ва 4-5 марта суғорилади. Ўғитлаш. Қовун учун 10 сотих майдонга 15 кг аммиакли селитра, 17 кг аммофос ва 7,5 кг калий хлор ўғити хамда 3–3,5 тонна органик ўғитлардан солинади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш.

Уруғларни экишдан олдин Фундазол препарати (1 кг уруққа 4–8 г) билан ёки Понактин (1 кг уруққа 4 г) билан намлаб экиш тавсия этилади. Касалликлардан зарарсизлантириш мақсадида уруғлар экишдан олдин бирорта
микроэлементларга солиб бўктириб қўйилади. Зараркунандалардан полиз
бити (шираси), ўргимчаккана, оққанот, кузги тунлам, полиз қўнғизи, қовун
пашшаси зарарлайди. Уларга қарши курашишда алмашлаб экишга риоя
қилиш, биологик усулда полиз битига ва ўргимчакканага қарши олтинкўз
кушандасини, оққанотга қарши энкарзия паразитини қўллаш тавсия этилади.
Кимёвий усулда 10 сотихга оққанот, шираларга қарши Моспилан 20% (25–30 мл), Циперметрин 25% (30 мл) ва бошқа препаратлар қўлланилади. Қовун майса пашшаси ва қовун пашшасига қарши Атилла 5% эм.к. (200 мл), Суми-Алфа 5% эм.к. (300 г) препаратлари қўлланилади. Илдиз чириш, фузариоз сўлиш, уншудрингга қарши ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, фунгицидлардан Топаз 10% (200–250 мл), Курзат Р н.кук. (200–250 г), Фолиар БТ 22,5% (50 мл) препаратларини 60–70 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия этилади.

Ҳосилни йиғиштириш.

Қовун ҳосили пишиб етилганларини танлаб- танлаб олиш йўли билан уч-беш марта йиғиб олинади. Кечки муддатда экилган навлар ҳосили эса бир марта йиғиштириб олинади. Пишган қовунлар полизда узоқ муддат турса нобуд бўлади.

Иқтисодий самараси.

10 сотих майдонга 400 г уруғ учун 100 минг сўм сарфланади. Умумий харажатлар 1145000 сўмни ташкил этади. Хосил нархи бир килограми энг паст нархда 2000 сўмдан сотилганда 6 млн. 350 минг сўм бўлади. Шунда 10 сотих майдондан 5 млн. 205 минг сўм соф фойда олиш мумкин.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *