Бодринг етиштириш. Навлар, тавсиялар ва зарур маълумотлар.

Аҳамияти.

Бодринг меваси асосан 7-10 кунлигида янги узилган ҳолида истеъмол қилинади. Уни маринадлаб ва консервалаб хам ишлатилади. Бодринг меваси иштаҳани очади ҳaмда бошқа овқатларни ҳазм қилишга ёрдам беради. Ундан косметологияда хам фойдаланилади.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар.

Бодрингни Ранний–645, Ўзбекистон–740, Наврўз, Омад, Талаба ва чет эл дурагайларидан Алиби, Астерикс, Регал, Аякс, Суперина каби нав намуналари экилади.

Уруғ танлаш.

Экиладиган бодринг уруғи тоза, унувчанлиги юқори, касалликлардан холи, бутун ва тўла бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлар экиш олдидан илиқ сув ёки ўсишни бошқарувчи моддалардан бирида 10–12 соат давомида ивитиб қўйилади.

Ер тайёрлаш.

Бодринг учун унумдор, гумус миқдори юқори бўз ва ўтлоқи бўз тупроқларга экиш мақсадга мувофиқ. Уруғ экиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан яхшилаб тозаланади. 1 сотихга 200 кг (10 сотихга 2 тонна) чириган гўнг солинади. Чириган гўнг билан биргаликда минерал ўғитлар солинади. Тупроқ 30–35 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдалангач, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати ва схемаси.

Эртаги бодринг жанубий минтақаларда очиқ майдонларда 1–10 апрелда, марказий минтақада жойлашган ва водий 27 вилоятларида 10–20 апрелда, шимолий минтақаларда 20–30 апрелда; ўртаги муддатда жанубий вилоятларда 20 апрел–5 май, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 1–10 май, шимолда 1–15 май, кечки бодринг жанубда 10–20 июлда, марказий минтақаларда 15–30 июн, шимолий минтақаларда 15–25 майда экилади. Эртаги маҳсулот етиштириш учун 70+140/2×40 см схемада уруғ экилади. Бунда қаторлар ораси 70 см, пушларал ораси 140 см ва ўсимликлар оралиғи 40 см ни ташкил этади. Уруғлар қўлда 4–5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи 1 сотихга 20–30 г (10 сотихга 200– 300 г).

Парваришлаш.

Униб чиқиб ниҳоллар пайдо бўлганда биринчи ва 2-3 чинбарг пайдо бўлгандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади. Қатор ораларини қўл кучи ёрдамида кетмон билан 15–16 см чуқурликда ўсимлик атрофи билан юмшатиб туриш, минерал озиқа ва сув бериб бориш керак. Сувга талабчанлиги жиҳатдан бодринг сабзавот экинлари орасида биринчи ўринда туради. Найчалаш ва меваси етила бошлаган даврда бодринг сувни айниқса кўп талаб қилади.Ўсув даври мобайнида сизот сувлари яқин жойларда 8-9 марта сизот сувлари чуқур жойлашган майдонларда эса 12-14 марта суғорилади. Хар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатиб борилади.

Ўғитлаш.

1 сотих ердаги бодринг соф ҳолда 5,8 кг сульфат аммоний, 2,2 кг аммофос, 1,5 кг калий хлор ўғитлари билан озиқлантирилади. Бодрингни озиқ моддаларга талаби юқори. Ўсув даври давомида 1-2 марта қўшимча Гуммат принт, Рослин ва Нитролин каби моддалар билан озиқлантирилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш.

Бодринг уруғларини 1 кг га 2 фоизли 34% Витавакс, 1,5% ли 60,7% Превикур билан ишлов беришайрим касалликларни олдини олади. Бодрингни пашшалар, ширалар, трипслар, оққанот кўпроқ зарарлайди.

Ўсимликнинг ўсув даврида 10 сотих ерга хашоратларга қарши ҳосилни йиғишдан 20 кун олдин икки марта Атилла супер 10% м.к. ёки Моспилан 20% н.кук. (25–30 г) сепилади. Антракноз, пероноспороз, аскохитоз, доғланишлар, бактериоз ва ун шудринглар касалликларга қарши Колосаль Про м.к. (200–300 г/л), Пинко 10% эм.к. (0,25 л/га), Курзат Р н.кук. (200–250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60–70 литр сувга таёрланган аралашма ишлатилади.

Ҳосилни йиғиштириш.

Бодринг мевалари 5 см дан катта бўлгандан бошлаб хосили йиғиб олинади. Хосил хар 2-3 кунда бир терилади. Йиғимтерим жараёнида ўсимлик палакларига зарар етказмаслик лозим. Вақтида териб олинмаган хосил сарғайиб кетади.

Иқтисодий самараси.

10 сотих майдонга 200 г уруғ учун 30 минг сўм сарфланади. Умумий харажатлар 645000 сўмни ташкил этади. Хосил нархи бир килограми энг паст нархда 2000 сўмдан сотилганда 6 млн. 200 минг сўм бўлади. Шунда 10 сотих майдондан 5 млн. 555 минг сўм соф фойда олиш мумкин.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *