Сочга қараб шампун танлаш

Айнан сизга тўғри келадиган шампунни қандай танласа бўлади? Бу жуда оддий — қадоқдаги матнни диққат билан ўқиб чиқинг. Биринчи қоида — айнан сизнинг соч турингизга тўғри келадиган шампундан фойдаланинг. Хўш, соч турини қандай аниқласа бўлади?

Сочларни тўғри парваришлаш учун, аввало, ўз соч турингизни тўғри аниқлашингиз лозим. Сочлар тўрт гуруҳга бўлинади: қуруқ, ёғли, нормал ва аралаш. Айнан мана шу хусусиятларга қараб парвариш воситалари танланади.

Шундай қилиб, ўз сочингизни яхшилаб ўрганиб чиқинг.

Қуруқ сочлар

Агарда сочларингиз қуруқ бўлса, бир томондан ҳурсанд бўлсангиз ҳам бўлаверади. Негаки, бундай сочлар ювилгандан сўнг узоқ вақтгача ёғланмайди. Сиз уларни бир ҳафта мобайнида ювмай юрсангиз ҳам, улар тоза кўринади. Бироқ, бундай сочларнинг учлари ниҳоятда қуруқ бўлади ва тез-тез синади. Сочларни ювиб чиққандан сўнг эса бош терисида тиришиш сезилади. Бундай турдаги сочларга фен ёрдамида қуритиш салбий таъсир кўрсатади. Чунки фен сочларингизнинг синувчанлик хусусиятини кучайтириб юбориши мумкин.

Сочингиз турини аниқлашнинг яна бир усули — соч илдизларини ўрганиш. Агарда ювилгандан сўнг илдизлар қуруқ, 3 4 кундан сўнг эса — нормал, ҳафта охирига келиб эса — ёғли бўлиб қолса, қўрқмай қуруқ сочлар учун мўлжалланган воситалардан фойдаланишингиз мумкин!

Ёғли сочлар

Хўш, ёғли сочларни қандай аниқласа бўлади? Бундай сочларни аниқлашда янглишиш қийин. Чунки бундай сочлар деярли ювилган куннинг охирига келиб ёғланиб қолади. Бу айниқса соч илдизларига тегишли. Лекин бундай сочларнинг учлари ҳеч қачон синмайди ва фендан чўчимайди. Ёғли соч эгаларида соч ювилгандан сўнг бош терисида тиришиш ҳолати кузатилмайди.

Нормал сочлар

Нормал сочлар бошқа соч турлардан шуниси билан фарқланадики, улар ювилгандан сўнг 2-3 кун ўтгач ёғланади.Нормал сочлар учлари соғлом кўринади, деярли синмайди (фақат нотўғри парвариш натижасида). Нотўғри танланган ювиш воситаси натижасида бундай соч эгалари ҳам баъзида бош терисида тиришишни сезишлари мумкин. Бундай соч илдизлари ювилгандан сўнг нормал ҳолатда бўлади. Фақатгина учинчи кун охирига келиб улар ёғлана бошлайди. Бу турдаги сочларни бемалол фен ёрдамида қуритиш мумкин.

Аралаш сочлар.

Аралаш сочларнинг илдизлари ёғли, учлари қуруқ бўлади. Бундай сочлар парвариши энг мураккаб ҳисобланади. Ўандай қилиб уни аниқлаш мумкин? Жуда оддий — сочлар ювилган заҳоти илдизлар нормал ҳолатда бўлади, 2-3 кунга келиб эса ёғли бўлиб қолади. Бундай сочлар учлари эса доим қуруқ ва синувчан бўлади. Аралаш сочлар ювилгандан сўнг 3-4 кунга келиб кирланади. (сочлар ювилгандан сўнг бош терисининг тиришиш ҳолати камдан кам кузатилади). Иккинчи қоида — айнан сизнинг соч турингизга тўғри келадиган ювиш воситасини танлаш осон иш эмас. Турли ишлаб чиқарувчиларнинг шампунларидан фойдаланиб кўринг, натижасига қараб ўзингизга мосини танланг.

Бу энг қиммат шампун бўлиши шарт эмас, баъзида машҳур шампун маркаларидан кўра оддий дўкондан олинган шампун ҳам сизга идеал равишда тўғри келиши мумкин.

Шампун сизга тўғри келадими йўқми, қандай аниқласа бўлади?

Шампун сизнинг соч турингизга мос тушганини қандай аниқласа бўлади? Натижага қаранг! Агарда ювилгандан сўнг сочлар ёғлардан халос бўлса ва тоза кўринса унда ижобий натижага эришдим деб ўйлайверинг. Шампун билан ювиш жараёнида ва ундан сўнг бош терисида ҳеч қандай таъсирланиш ва қичишиш кузатилмаслиги лозим, сочлар қуригандан сўнг эса ялтираб туриши даркор. Сифатли шампун воситаси сочлардаги статик электрни йўқотади. Ва, ниҳоят, сочлар тўғри шампун билан ювилгандан сўнг, улар итоаткор, жиловдор ва силлиқ бўлиб қолади, осон таралади ва турмакланади.

Шампун сифати

Шампун сифатини қандай аниқласа бўлади? Бу нима учун зарур? Биринчидан, шампун таркибидаги маълум бир қўшимчалар баъзи одамларда аллергияни қўзғатиши мумкин. Шунинг учун, сиз учун янги бўлган шампундан фойдаланишдан аввал уни синаб кўринг. Билакка бир оз шампундан суртинг, 15 дақиқадан сўнг ювиб ташланг. Агарда терида ҳеч қандай таъсирланиш бўлмаса, демак ҳаммаси жойида.

Шампун харид қилаётганда унинг кўриниши ва ранги бир маромда эканлигига аҳамият беринг. Агарда бир маромда бўлмаса, бу сифациз шампун.

Қуйидагиларни ўқиб кўринг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *