Тарвуз етиштириш. Уруғ танлаш ва экиш – Bizness.uz

Тарвуз етиштириш. Уруғ танлаш ва экиш

Тарвуз етиштириш

Аҳамияти.

Тарвузнинг ширин бўлишига сабаб меванинг таркибида фруктозанинг кўп бўлишидир. Тарвуз мевасидан асал, мураббо, конфет ва ҳар хил ширинликлар тайёрланади. Тарвузнинг эти ва сувидан камқонлик даволаш, яллиғланиш ва ўт суюқлигини ҳайдаш, жигар ва юрак томир тизими касалликларини даволашда фойдаланилади. Тарвуз ем-хашак сифатида, ширали озиқ сифатида чорва молларига берилади.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар.

Тарвузни эртапишар – Ўринбой, Манзур, Чиллаки F 1, Крисби F 1 , Кримстар F 1 ва ўрта-эртапишар – Сурхон тонги, Дилноз, Шарқ неъмати, кечпишар – Ҳайит қора, Қўзибой каби навлари экилади.

Уруғ танлаш.

Экиладиган тарвуз уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан холи, ўртача катталикда, бутун ва тўла бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғларни сув ёки ўстирувчи моддалардан бирида 10-12 соат давомида ивитиб экилса унивчанлиги юқори бўлади.

Ер тайёрлаш.

Тарвуз экиладиган майдон кузда ўсимлик қолдиқларидан тозаланади ва минерал хамда махаллий ўғитлар ерга солиниб, ер 35–40 см чуқурликкача шудгор қилинади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун ерга узун тишли хаскаш ёрдамида ишлов берилади. Тарвуз эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта шудгорлашнинг ҳожати йўқ. Экинни экиш учун эгатлар олинади.

Экиш муддати ва схемаси.

Марказий минтақада жойлашган вилоятларда тарвузнинг эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача; жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10–20 апрелда, кечкилари эса 10–20 июнда экилади. Шимолий ҳудудларда эртаги тарвузни 20 апрелгача, ўртаги навларни 25 апрелдан 10 майгача, кечки навларни 20–30 майда экиш лозим. Қатор оралари 70 ва 90 см ли, пушталар ораси 210–280 см бўлган кенг
эгат олинади. Уруғларни қўлда уя очиб экилади, уялар ораси 50-60 см
бўлади. Уруғлар 3–6 см чуқурликка экилади. Майда уруғли тарвузларни
экиш учун 1 сотихга 45–50 г, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 55–60 г
уруғ сарфланади.

Парваришлаш.

Тарвузни хам нихоллари пайдо бўлгандан сўнг икки марта ягана қилинади. Бунда биринчи бор нихоллар пайдо бўлганда иккинчиси эса ўсимлик гуллаш олдидан ўтказилади. Экинини асосий парваришлаш ишлари тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади. Ниҳоллар ёппасига униб чиққандан кейин 20–25 кун ўтгач ўсимлик озиқлантирилади ва суғорилади. Ўсув даври мобайнида қатор оралари 4–5 марта чопиқ қилинади, 2-3 марта палаклари пуштага тўғриланиб чиқилади ва 6-7 марта суғорилади.

Ўғитлаш.

Тарвузни етиштиришда 10 сотих майдонга 15 кг аммиакли селитра, 17 кг аммофос ва 7,5 кг калий хлор ўғити хамда 3–3,5 тонна органик ўғитлардан солинади. Бундан ташқари баргидан хам гуммат принт ва Рослин препаратлари билан озиқлантириш мумкин.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш.

Уруғларни экишга тайёрлаш олдидан ўстирувчи моддалар билна ивитиш айрим касалликларни олдини олади. Экинга касалликлардан илдиз чириш, фузариоз сўлиш, уншудринг, зараркунандалардан полиз бити (шираси), ўргимчаккана,
оққанот, қовун пашшаси катта зарар етказади. Зараркунандаларга қарши 10 сотих майдонга Моспилан 20% н.кук. (25–30 г) ва касалликларга қарши Фолиар БТ 22,5% эм.к. (150 мл), Курзат Р н.кук. (200–250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60–70 литр сувга тайёрланиб аралашма пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш.

Тарвузни эртаки муддатда экилганлари 3-5 марта хосили саралаб йиғиб олинади. Кечки муддатда экилган навлар ҳосили эса бир марта йиғиштириб олинади. Пишган меваларнинг ранги, шакли ва оғирлигига қараб хосил йиғиб олинади.

Иқтисодий самараси.

10 сотих майдонга 450 г уруғ учун 120 минг сўм сарфланади. Умумий харажатлар 1160000 сўмни ташкил этади. Хосил нархи бир килограми энг паст нархда 2000 сўмдан сотилганда 6 млн. сўм бўлади. Шунда 10 сотих майдондан 4 млн. 840 минг сўм соф фойда олиш мумкин.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *